Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 4,6 триллион сўмга етказиш белгиланган
Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Тўлаганова маълум қилди.

Жорий йил январь ойининг ўзида Корхоналарни қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ‒14-сонли қарори ҳамда “Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ‒20-сонли Фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлардаги топшириқлар ижроси юзасидан 2024 йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Жумладан,Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 4,6 триллион сўмга етказиш, Умумий қиймати 200 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш, қиймати 152,5 миллион долларлик 28 та лойиҳани фойдаланишга топшириб, 1 478 та янги иш ўринларини яратиш, 430 та дистрибьютор корхоналарда GDP, 7 700 та йирик тармоқли дорихоналарда GPP талабларини жорий этиш, “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластерининг Техно-парк қисми Маъмурий биносида қурилиш ишларини якунлаш ва фойдаланишга топшириш, Кластернинг саноат зонасидаги 65 миллион долларлик 2 та лойиҳани ишга тушириш, “Биотехнологиялар кластери” лойиҳасини бошлаш, кластернинг 2030 йилга қадар ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, Фармацевтика техник университетида 2024-2025 ўқув йили бўйича таълим жараёнларини бошлаш юзасидан ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари жорий йил бугунги кунгача бир қатор ишлар амалга оширилди.
“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида қурилиш ишлари тикланди. Кластер саноат зонаси иштирокчиларига аъзолик гувоҳномаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланди ҳамда 9 та иштирокчига гувоҳномалар топширилди. Ҳар бир лойиҳа ташаббускори билан учрашув ташкил этилиб, лойиҳаларни жадаллаштириш вазифаси белгиланди. 2024 йил якунига қадар 65 миллион долларлик 2 та лойиҳа ишга туширилади.
Фармацевтика кластери ҳудудида бир қанча компаниялар билан 136 миллион долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда биотехнология йўналишида Белоруссиянинг “PharmInterBio” компанияси билан 5 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш устида ишлар олиб борилмоқда. Январь ойида 14 та ҳудудга чиқилиб, ишлар “корхонабай” кесимида ташкил этилди. Ҳокимликлар билан биргаликда фармацевтика йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди.
Ҳудудларда амалга оширилган ўрганишлардан келиб чиқиб, “Асакабанк” АЖ масъуллари билан 94 миллион долларлик 22 та кредитга эҳтиёжи мавжуд лойиҳалар рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунда ушбу лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Республикадаги барча дорихоналарда GPP стандарти талабларини жорий этиш ишларини жадаллаштириш учун кадрлар захирасини мустаҳкамлаш мақсадида Агентликнинг Фармацевтика техник университетида 36 соатлик малака ошириш курслари бепул ташкил қилиниб, январь ойида 21 нафар мутахассис ўқитилди.
Фармацевтика корхоналари томонидан 252,1 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 13,3 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Январь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Хитой инвестиция форуми ва G2B учрашувларида 10 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.
Маҳаллий экспортбоп маҳсулотлар каталоги тайёрланиб, ўзбек брендини хорижий давлатларда илгари суриш бўйича “Pharm Site” онлайн тизими ишга туширилди. Маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини давлат харидларидаги иштирокини ошириш мақсадида харид платформаларида муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди ва ижрога йўналтирилди.







