Ижтимоий хизматлар маҳалла даражасига туширилмоқда
Бунда қандай жиддий ўзгаришлар бўлиши мумкин?

Ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларини ижтимоий ҳимоялаш тизими маҳалла даражасига туширилмоқда. Хўш, кутилаётган асосий ўзгаришлар нима?
“Мурувват” уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатиш йўлга қўйилади.
40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги борларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.
“Темир дафтар”ларни юритиш тўлиқ Ижтимоий ҳимоя агентлигига ўтказилади.
“Саховат ва кўмак” жамғармасидан бир марталик ёрдам олиш учун, оилаларни “темир дафтар”га киритиш талаби бекор қилинади.
Энди, нафақа олувчилар рўйхатига, биринчи навбатда, ногиронлиги бор, ота-онаси йўқ, боқувчисини йўқотган, касаллиги ва бошқа сабабга кўра узоқ муддат ишлай олмайдиганларнинг оилалари киритилади.
Бошқа фуқароларни “ижтимоий реестр”га киритишда, уларнинг фақат даромади эмас, балки харажатлари ҳам баҳоланади (яшаш шароити, коммунал, солиқ, кредит тўловлари ва бошқалар).
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя агентлигига вилоят ҳокимлари билан, 1 июнга қадар барча 9 минг 442 та маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиш вазифаси топширилди (ҳозирда 28 та туман қамраб олинган).
Йил якунигача одамларга протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилади.
1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштириш жорий этилади.
Ушбу янгиликлардан кўзланган асосий мақсад ижтимоий ҳимоя тизимида аниқлик, шаффофлик ва адолатни таъминлаш. Токи ёрдам олган инсон ҳаётга қайтишга интилсин, ўзини жамиятнинг ҳақиқий аъзоси деб ҳис қилсин.







