Тошкентда салкам 430 миллион сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотлари фош этилди
Божхоначилар Олмазор ва Яшнобод туманларида тезкор тадбир ўтказди.

Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан пойтахтимизнинг Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбирда туман ҳудудида ҳаракатланиб келаётган “Damas Labo” русумли транспорт воситаси белгиланган тартибда тўхтатилиб кўздан кечирилди.
Кўздан кечирув давомида мазкур транспорт воситасида Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари ҳамда рақамли маркировка кодлари билан маркаланмаган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган қиймати 342 миллион сўмлик 5 турдаги 24 минг 400 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.


Навбатдаги ўтказилган тезкор тадбирда Яшнобод туманида “Cobalt” русумли кўздан кечирилганида, Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари ҳамда рақамли маркировка кодлари билан маркаланмаган қиймати 87,5 миллион сўмлик 2500 қути тамаки воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.







