Бухоро амири Сайид Олимхоннинг яқин дўсти ким эди?
Амир уни “Азиз Бухоро юлдузи” ордени билан тақдирлаган.

Озарбайжон Миллий тарихи музейи бош куратори Маҳфуза Зейналованинг тадқиқотларига кўра, Бухоро амири Сайид Олимхон бокулик нефть саноати арбоби, хайриячи Ҳожи Зейналабдин Тагиев билан яқин дўст бўлишган. Ўзаро дўстлик илтифоти сифатида ҳадя этилган совғалар натижасида ҳозирги кунда Озарбайжон Миллий тарихи музейида юртимиз тарихига оид ажойиб коллекциялар тўпланган.
Музейда Ўзбекистон коллекцияларидан 300 га яқин экспонатлар тақдим этилган. Улар орасида қадимий этнографик буюмлар ва қурол-яроғлар бор, бироқ Бухоро амирининг Зейналабдин Тагиевга ҳадя қилган бебаҳо идишлар тўплами коллекциянинг дурдонаси ҳисобланади.

З.Тагиевнинг қизи Лейла хонимни унаштириш маросими учун амир томонидан совға қилинган 10 та буюмдан иборат сервиз алоҳида эътиборга лойиқ. Экспонат 1898 йилга бориб тақалади. Озарбайжонлик хайриячи “Азиз Бухоро юлдузи” ордени билан ҳам тақдирланган.
Сайид Олимхон Маданли Водига саёҳат қилганида Бокудан ўтиб, доим дўстини йўқлаб турган. Музейда сақланаётган Бухоро амирининг 1896 йилда Бокуда олинган сурати бунинг далилидир.

“Зейналабдин Тагиев ҳам ўз ўрнида амир учун махсус совғалар туҳфа этган. Тарихий қўлёзмаларда ёзилишича, бир куни амирга шовқинсиз арава ёқиб қолади. Тагиев уни дарҳол дўстига, йўрға отлар ва ҳатто извошчи билан бирга совға қилади. Улар қалин дўст эдилар, бунга музейдаги совғалар далолат беради”, — дейди Маҳфуза Зейналова.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа WOSCU билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.







