“Ўзбекистон-Қатар муносабатларида янги давр бошланди”
Саида Мирзиёева Қатар Бош вазири билан учрашди.

Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Доҳа шаҳрида Қатар Бош вазири, Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний жаноби олийлари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистон-Қатар муносабатларини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, келгуси тадбирлар жадвали батафсил муҳокама қилинган.
"Суҳбат чоғида ўзаро алоқаларимиз 2023 йили янги босқичга ўтгани таъкидланди. Самарқанд (2023 йил 5-6 июнь) ва Доҳа (2023 йил 2 октябрь) саммитлари тарихий аҳамият касб этиб, ҳамкорликнинг янги қирраларига эшик очди. Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги муносабатларда мутлақо янги давр бошланди, дея оламиз.
Биз ўзаро маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Қатарлик ҳамкорлар билан мустаҳкам ришталар боғланиб, қўшма лойиҳалар фаол амалга оширилади, деган ниятдамиз", деб ёзади Мирзиёева ўзининг расмий телеграм-каналида.







