Сурхондарёда ЙПХ машинаси пиёдани уриб юборди
ЙҲХБ пиёданинг аҳволи ҳақида маълумот берди.

Сурхондарё вилояти Денов туманида йўл-патруль хизмати ходими пиёдани уриб юборди.
Ҳодиса 28 февраль куни соат 19:05 ларда Денов тумани «Истиқбол» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-108В автомобиль йўлининг 9-километрида содир бўлган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари саф бўлинмалари йўл-патруль хизмати батальони мобил қурилмаларидан фойдаланиш гуруҳи ҳайдовчи-оператори сафдор Азизжон Қурбоналиев бошқарувида бўлган Cobalt автомобили йўлнинг белгиланмаган жойидан — ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган вояга етмаган 2006 йилда туғилган, 11-синф ўқувчиси Э.Ж.ни туртиб юборган.
Оқибатда пиёда бош мия чайқалиши ташхиси билан Денов тумани марказий шифохонасига ётқизилган. Ҳозирда унинг соғлиғи яхши. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.







