Сиёсатдаги етакчи аёлга бағишланган сценарий танлови эълон қилинди
Материаллар 17 мартгача қабул қилинади.

“Сиёсат соҳасидаги етакчи аёл: ўрнак бўладиган инсон” мавзусида сценарий танлови эълон қилинди. Танлов ташкилотчилари Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Буюк Британия Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазирлигидир.
Танлов мақсадлари қуйидагиларга қаратилган:
— хотин-қизларнинг фаол сиёсий ҳаётга қизиқишини ошириш;
— замонавий етакчи аёл образини яратиш;
— ижтимоий фаол аёллар, етакчи аёллар ва сиёсатчилар ҳақида жамоатчиликда ижобий фикрни шакллантиришга кўмаклашиш.
Мазкур видеоролик сиёсий партияларнинг хотин-қизлар қанотини 2024 йил октябрь ойида парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этишга ундаши кутилмоқда. Ғолиб бўлган сценарийдан мамлакат бўйлаб кўплаб оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш мақсадида сиёсат соҳасидаги етакчи аёл ҳақида 3-5 дақиқалик мотивацион видео яратиш учун асос сифатида фойдаланиш режалаштирилган.
Сценарийлар 2024 йил 17 март соат 23:59 гача (Тошкент вақти билан) қабул қилинади. Ушбу муддатдан кейин жўнатилган аризалар кўриб чиқилмайди.
Тақдим этилган сценарийларни баҳолаш учун жамиятнинг турли қатламлари, жумладан, мавзулар бўйича экспертлар, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Буюк Британия Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати шакллантирилади.







