Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг рациясини олиб, қочиб кетди
Фарғона шаҳридаги ҳолат юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.

Жамоат жойида ҳақоратли сўзлар билан сўкиниб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузган, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаган ҳамда ИИО ходимига тегишли махсус воситани олиб, кетиб юборган Damas ҳайдовчиси шахси аниқланиб, ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Якунига кўра, қонуний қарор қабул қилинади.
“Damasда қатнайман. Ходим келди, ҳужжатларимни кўрсатдим. Инспектор нотўғри парковка қилинганини айтди. Жарима қимматлигидан жаҳлим чиқиб сўкиндим ва рациясини олиб кетдим. Қилган ишимдан пушаймонман. Бошқа такрорланмайди. Ходимлар ва фуқаролардан ҳаракатларим учун кечирим сўрайман”, — дейди ҳайдовчи.







