Сурхондарёда солиқчи билан жанжаллашган аёлларга чора кўрилди
Улар давлат хизматчисини обрўсизлантиришга ҳаракат қилган.

Аввалроқ Сурхондарё вилоятидаги бозорда савдо қилаётган икки аёл ва солиқ бошқармаси ходимлари ўртасида жанжал содир бўлгани хабар қилинганди. Вилоят солиқ бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 март куни Узун тумани солиқ инспекцияси ходимлари томонидан туманнинг «Баҳористон» маҳалласи ҳудудида савдо қилиш учун белгиланмаган жойларда ноқонуний фаолиятнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар белгиланган тартибларга асосан ўтказилган.
Тадбир давомида мутасаддилар томонидан кўп маротаба огоҳлантиришларга қарамай, қонунга зид ҳамда антисанитария ҳолатида савдо фаолиятини давом эттириб келаётган фуқаролар Ш.Т. ҳамда С.Т. солиқ инспекцияси ходими Ф.Эргашевнинг ноқонуний савдо фаолиятини расмийлаштириш талабига қаршилик кўрсатиб, жанжал кўтаришган ва давлат хизматчисини обрўсизлантиришга ҳаракат қилишган.
Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Узун тумани судининг қарорига асосан Ш.Т. ҳамда С.Т.га нисбатан маъмурий тартибда чора кўрилган.







