Тошкентда газдан ўғринча фойдаланган иссиқхоналар фош бўлди
Оқибатда давлатда 934,9 млн сўмлик зарар етказилган.

Юнусобод ва Қибрай туманларида 934,9 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхоналар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Юнусобод туманида фуқаро Ж.К. ва бошқалар тумандаги “Катта Ҳасанбой” МФЙ ҳудудидаги уйда тижорат мақсадида ташкил этилган иссиқхонада резина шланглар ёрдамида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 393,7 минг метр куб табиий газни ўғирлаб, давлат ва жамият манфаатларига 590,7 млн сўм зарар етказганликлари аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “T.A.” МЧЖ раҳбари Д.С. МЧЖ иссиқхонасида жами 229,4 минг метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 344,2 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







