Ўзбекистонда 77 нафар спортчи келишилган ўйинларда қатнашган
Улар орасида ҳакамлар ва мураббийлар ҳам бор.

2019-2023 йилларда 30 нафар футболчи ва ҳакамлар, 8 нафар мураббий, 7 нафар футбол клублари раҳбари ва 2 нафар футбол клуби маъмурияти ходими – жами 77 нафар спортчининг келишилган ўйинларда иштирок этгани аниқланиб, тегишли чоралар қўлланилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Эндиликда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликда жиноий жавобгарлик масаласи кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси тегишли моддалар билан тўлдирилиб, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳамда спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Ушбу тартибларни ўз ичига олган «Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни пайтда парламент қуйи палатасида кўриб чиқилмоқда.







