“Антиструмин” ишлаб чиқарувчи корхона лицензияси тўхтатилди
Мазкур дори сабаб Наманганда заҳарланиш ҳолати юз берганди.

Ўзбекистонда “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “Само” МЧЖ корхонаси лицензияси вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.
Ўрганишлар натижасига кўра, корхона томонидан қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани аниқланиб, 2023 йил декабрида “Само” МЧЖ лицензиясини бекор қилиш тўғрисида марказ томонидан судга даъво аризаси киритилган.
Наманганда юз берган заҳарланиш ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани сабабли мазкур иқтисодий иш билан боғлиқ суд, Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси илтимосномасига кўра 2024-йил 19 январда тўхтатилган.
Аҳолининг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун таҳдид юзага келишининг олдини олиш мақсадида, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг юқоридаги иқтисодий иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилингунига қадар “Само” МЧЖнинг лицензиясини тўхтатиб туриш тўғрисида Зангиота туманлараро иқтисодий судига киритган илтимосномаси суднинг тегишли ажримига мувофиқ қаноатлантирилган.







