Самарқандда янги туғилган эгизак уй йўлагига ташлаб кетилди
Ҳозирда чақалоқларнинг аҳволи яхши.

Самарқанд шаҳар Қорасув даҳасидаги кўп қаватли уйнинг йўлагида янги туғилган эгизак чақалоқлар қолдириб кетилди.
Сумкага солинган ҳолатдаги чақалоқларни ҳудуд ҳамшираси кўриб қолган ҳамда уларга биринчи ёрдам кўрсатган. Эгизак қизалоқларни уй йўлагига аёл киши қолдириб кетган. Унинг ҳаракати кўп қаватли уйнинг кузатув камерасига тушиб қолган. Аёл ниқоб таққан, рўмолга ўраниб олган ҳолатда бўлган.
“Биринчи навбатда болаларнинг аҳволини кўрдик, амбулатор хонасига тушириб, юрак уришини текширдик. Эгизакларнинг иккаласи ҳам соғлом… ИИБ ходимлари келиб, вазиятни ўрганди. Болаларнинг онаси шу массив аҳолисидан, дея тахмин қиляпмиз. Сабаби, у бу ерда клиника борлигини билган”, — дейди хусусий клиника раҳбари Баҳриддин Дониёров.
Ҳозирда эгизакларнинг аҳволи яхши, улар тўлиқ назоратга олиниб, парвариш қилинмоқда. Ҳозирча болаларни ташлаб кетган аёлнинг шахси маълум эмас.







