Андижонда чиқиндилар ташланиши бўйича рейд ўтказилмоқда
Тунги рейдда 17 нафар ҳуқуқбузар жавобгарликка тортилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Андижон шаҳрида экологик ҳолатни ўрганиш мақсадида тунги рейд тадбирлари ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида Андижоннинг эски шаҳар ва янги шаҳар марказий деҳқон бозорлари ҳудудида ҳамда ушбу бозорларга туташ бўлган: Олтинкўл, Бобуршоҳ ва Ўзбекистон марказий кўчалари ҳолати ўрганилди.
Жараёнда республика ишчи гуруҳи бошчилигида Андижон вилояти Экология бошқармаси назорат инспекция, Миллий Гвардия ҳамда Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари иштирок этиб, бир қатор экологик ҳуқуқбузарлик ҳолатларига аниқлик киритилди.
Жумладан, юқорида кўрсатилган савдо объектлари ҳудуди ва унга туташ марказий кўчаларда жойлашган расталар ва дўконлар, умумий овқатланиш шохобчалари ён-атрофи назорат қилинганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаганлик учун 17 нафар ҳуқуқбузар тадбиркорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91¹-моддасига кўра жами 5 млн 780 минг сўм миқдорида жарималар қўлланилиб, баённомалар расмийлаштирилди.







