Очиқлик индексида қайси ташкилот етакчи?
2023 йил якунлари бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов Ўзбекистонда очиқликни таъминлаш борасида эришилаётган натижалар хусусида маълумот берди.
Таҳлилларга кўра, сўнгги 7 йилда (2017-2023 йилларда) қабул қилинган 180 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида 300 дан зиёд у ёки бу турдаги очиқлик ва шаффофлик механизмлари жорий этилди.
Бунинг самараси ўлароқ, мисол учун, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқ эълон қилиниши натижасида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 138 та ҳолатда йўл қўйилган қонунбузилишлари бартараф этилиб, 110 млрд сўмлик давлат харидлари бекор қилинган.
123 та давлат органлари ва ташкилотларида 615 дан ортиқ коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконини берувчи алоқа каналлари очиқ эълон қилинди.
2023 йил якунларига кўра, 93 та вазирлик ва идоралар расмий веб-сайтлари мониторингдан ўтказилиб, вазирлик ва идораларга очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида 44 та тақдимнома юборилиши таъминланди.
Натижада вазирлик ва идораларнинг 16 нафар масъул ходими интизомий жавобгарликка тортилиб, 7 нафари огоҳлантирилди, 5 нафарига «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилди ҳамда 4 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.







