Заправкаларда метан нархи ошганига изоҳ берилди
Вазирлик тармоқда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Бугун ижтимоий тармоқларда “метан заправка”ларда газ нархи 3 800 сўмга кўтарилгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Ушбу ҳолат Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан зудлик билан ўрганилди.
Маълум бўлишича, бу ҳолат Фарғона шаҳридаги Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида кузатилганлиги аниқланган.
«Ўзенергоинспекция»нинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушбу АГТКШ масъулларига тушунтириш ишлари ўтказилди ва «метан» газнинг 3 350 сўмдан сотилиши таъминланган.
Бугун, шунингдек, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида иккита АГТКШда шундай ҳолат кузатилган бўлиб, улар ҳам «Ўзенергоинспекция»нинг ҳудудий бошқармалари томонидан бартараф этилган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 173-сонли қарори билан Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи 2024 йил 1 июнгача бир куб метр учун 3 350 сўм қилиб белгиланган.
"Шу ўринда АГТКШ масъулларидан ушбу қарор талабларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритишларини, акс ҳолда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ноқонуний фаолиятга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз", дейилади хабарда.







