Бекободда 5-қаватдан қулаб вафот этган аёлнинг эри ушланди
Марҳумага уч марта ҳимоя ордени берилган.

Бекобод туманида эри билан жанжал вақтида 5-қаватдан ўзини ташлаб вафот этган аёлнинг эри ушланди. Аввалроқ унинг қўшнилари аёл пастга тушиб кетиши олдидан "яшашни истамайман, калтакларингдан тўйиб кетдим", дея бақирганини эшитганини айтишганди.
27 март куни ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
4 апрель куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, жиноят иши доирасида марҳума аёлнинг турмуш ўртоғи процессуал тартибда ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, туманнинг Далварзин маҳалласида яшаган 28 ёшли Н.Х. эри билан навбатдаги жанжал вақтида ўзини кўп қаватли уйдан ташлаб, жонига суиқасд қилган.
Аёлга уч марта, сўнгги бор 6 март куни ҳимоя ордери берилган. Унда келтирилишича, тазйиқ ўтказилган ёки зўравонлик содир этилган тақдирда эр ва аёлнинг бир хонадонда бўлиши тақиқланган.







