Халқ артисти Лутфихоним Саримсоқова ҳақида фильм яратилди
У турли қаҳрамонларда саҳнага 16 минг мартадан кўпроқ чиққан.

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ўзбекистон Миллий кинофонди томонидан Лутфихоним Саримсоқова ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм суратга олинди. Сценарий муаллифи Нигора Каримова ва Лобар Қобилова, режиссёр Элжон Аббосов, оператор Раҳматилла Ёқубов, продюсер Бахтиёр Асилов.
Лутфихоним Саримсоқова иштирокидаги "Сен етим эмассан", “Маҳаллада дув-дув гап”, “Фарзандлар” каби фильмлар ҳалигача томошабинлар эътиборидан тушмаган. У кинодаги илк қадамларини 20-30 йиллари овозсиз кинодан бошлаган. “Қасам” фильмида Она, “Опа-сингил Раҳмоновалар” фильмида Шарофат ва бошқа образларда актриса ўзига хос қиёфа касб этган.
Манбаларда айтилишича, Лутфихоним Саримсоқова турли қаҳрамонлар сиймосида саҳнага 16 минг мартадан кўпроқ чиққан санъаткор.







