20 тонна помидор Россиядан Ўзбекистонга қайтариб юборилди
Бунга уларда вирус аниқлангани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Бугун ижтимоий тармоқлардаги баъзи каналларда 20 тонна помидор Россиядан Ўзбекистонга қайтарилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Унда келтирилишича, Россия Федерациясининг Свердловск вилоятидаги Екатеринбург шаҳрида жойлашган вақтинчалик омборда сақланаётган 20 тонна помидор маҳсулотида помидор жигарранг бужмайиш вируси аниқланганлиги туфайли маҳсулот Ўзбекистонга қайтарилаётгани маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, айни пайтда вазирлик ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутасаддилари ҳамда Россия Федерациясидаги масъул ташкилотлар ҳолат юзасидан помидор маҳсулотларининг экспертизасини олиб боришмоқда. Шунингдек, фитосанитария сертификатлари ҳам текширувдан ўтказилмоқда.
Текширув натижалари тўғрисида алоҳида маълумот берилиши маълум қилдинди.







