Тошкентда “Автомобилсиз ҳовли” концепциясини амалга ошириш таклиф этилди
Бунинг учун кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил қилинади.

Маҳаллаларни фаровонлик ва тараққиётнинг «яшил» тоифасига киритиш бўйича қатор чора-тадбирлар таклиф этилмоқда ва амалга оширилмоқда.
Пойтахтимиздаги секторлар, ободонлаштириш корхоналари, маиший хизмат кўрсатиш, идора ва бошқармалар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Чилонзор туманидаги «Кўтарма» маҳалласида бўлди.
Ташриф давомида мазкур маҳаллани “қизил тоифа”дан чиқаришга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича йўл харитаси тақдим этилди.
Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзаков аҳоли учун муносиб яшаш ва дам олиш учун шароит яратиш, “Автомобилсиз ҳовли” концепциясини амалга оширишни таъминлаш мақсадида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш, аҳоли ўртасида ишсизлик даражасини пасайтириш зарурлигини таъкидлади.
Аҳоли зич жойлашган туман ва маҳаллада, хусусан, кўп қаватли турар-жой мажмуалари кўплиги, тезкор хизматларнинг кириши имкони, болалар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи бошқа жойлардан кўра кескинроқ эканлиги алоҳида айтиб ўтилди.







