“Сиёсат соҳасидаги етакчи аёл: ўрнак бўладиган инсон”
Сенатда энг яхши сценарийлар танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ҳамда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасининг молиявий кўмагида жорий йилнинг 15 апрель куни сиёсий партияларнинг аёл вакиллари учун етакчилик салоҳиятини ошириш бўйича 5 кунлик ўқув-амалий машғулотларга старт берилди.
Тадбирнинг асосий мақсади — гендер тамойилларини сиёсий ҳаётда тарғиб қилувчилар бўлмиш миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар, сиёсий партияларнинг хотин-қизлар қанотлари ва маҳаллий кенгашлар аъзоларининг салоҳиятини ошириш, имкониятларини кенгайтиришга ёрдам бериш учун керакли кўникмалар билан қуроллантиришдир.

Тадбир доирасида “Сиёсат соҳасидаги етакчи аёл: ўрнак бўладиган инсон” мавзусидаги энг яхши сценарийлар танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Мазкур танлов жорий йилнинг март ойида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган.
Танловнинг асосий мақсади – хотин-қизларнинг фаол сиёсий ҳаётга қизиқишини ошириш, замонавий етакчи аёл образини яратиш ҳамда ижтимоий фаол, етакчи, сиёсатчи аёллар ҳақида жамоатчиликда ижобий фикрни шакллантиришга қаратилган.
Замонавий жамиятни демократлаштириш аёлларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишини тақозо этмоқда. Шиддатли ва мураккаб глобаллашув жараёнлари давом этаётган бир шароитда инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга.

Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ўзгаришлар бўлаётган бугунги кунда гендер сезувчан парламентларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ. Бунинг учун сиёсий ирода, етакчилик, интроспекция, стратегик режалаштириш, ислоҳот, ресурслар ва жавобгарлик талаб этилади.
Сиёсатдаги гендер тенглик барчанинг хилма-хил ва бир-бирига мос келадиган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда инқирозларга яхшироқ жавоб беришга имкон беради ва шу билан янада самарали натижаларга эришилади.
Тинчлик ўрнатиш ва дипломатия нуқтаи назаридан аёллар етакчилиги ҳаракатлантирувчи кучдир. Чунки аёл делегатлар томонидан имзоланган шартномалар мустаҳкам тинчликка хизмат қилади.
Сиёсий қарорлар қабул қилиш нуқтаи назаридан аёл раҳбарлар камситишларга қарши курашиш учун қаттиқроқ чоралар кўриши исботланган. Бу борада уларнинг имкониятларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши кафолатланган.
Хусусан, Президентнинг 2023 йил 18 декабрь куни имзолаган Қонунда (ЎРҚ-883-сон) сайловларда аёлларнинг иштироки сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизини ташкил этиши белгиланди.
Ўзбекистон БМТ Низомининг мақсад ва принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумэътироф этилган нормаларига содиқ эканини доимо кўрсатиб келган.
2023 йил 1 январда Парламентлараро иттифоқ томонидан эълон қилинган “Аёллар сиёсатда” жаҳон рейтингида дунёнинг 190 миллий парламенти орасида мамлакатимиз 45-ўринни эгаллади.
Ўтган йил сентябрь ойида эълон қилинган очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон 69,7 балл билан дунёнинг энг яхши 20 та мамлакати қаторига кирди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари тармоғи ҳисоботига кўра Ўзбекистон 8 поғонага кўтарилди, 166 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади (2022 йилда 77-ўринда эди).







