Сурхондарёда аттракцион троси узилиб кетди: 4 киши жароҳатланди
Саноат хавфсизлиги қўмитаси аттракцион мавсум олдидан синовдан ўтказилмаганини билдирди. Шунингдек, воқеа юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Zamon.uz'га қўшимча маълумот тақдим этди.

16 апрель куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги истироҳат боғида аттракцион троси узилиб кетиши оқибатида 4 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш қўмитаси хабар берди.
"Аттракцион мавсум олдидан тўлиқ техник шаҳодат синовларидан ўтказилмаган. Уни тайёрлаш ва техник текширувдан ўтказиш учун масъул шахс тайинланмаган, мавсумга тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома ҳам тузилмаган", — дейилади қўмита хабарида.
Қўмитанинг қўшимча қилишича, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун ташкилотнинг истироҳат боғлари аттракционларини назорат қилиш бўлими томонидан жойига чиқиб ўрганилади.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Zamon.uz'га маълум қилишича, ушбу ҳолат шаҳарнинг Ат-Термизий кўчасида жойлашган Termiz avenue park МЧЖга қарашли Bolajon маданият ва истироҳат боғида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 4 нафар — 11 ва 15 ёшли қизлар ҳамда 27 ва 29 ёшли аёллар жароҳатланган.
Улардан 2 нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган. Жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Термиз шаҳри ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







