Чиқинди хизмати учун ягона тўлов таърифлари белгиланди
Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази Матбуот хизмати хабар берди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қарши шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди.
Яна беш ҳудудда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди. Унга кўра:
-
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича аҳоли учун 4 032 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун 72 240 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори белгиланди.
-
Жиззах вилоятининг жами 13 та шаҳар ва туманида аҳоли учун 1 кишига ойлик 6 000 сўм ҳамда юридик шахсларга эса 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 60 000 сўм ва 1 тонна учун (ҚҚСсиз) 135 420 сўм тўлов миқдори этиб белгиланиши маъқулланди.
-
Сирдарё вилояти бўйича аҳоли учун 4 000 сўм ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун (ҚҚС билан) 81 минг сўм тўлов миқдори белгиланди.
-
Сурхондарё вилоятининг жами 15 та шаҳар ва туманида аҳоли учун 1 кишига ойлик 4 500 сўм ҳамда юридик шахсларга эса 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 70 000 сўм тўлов тарифлари миқдори тасдиқланди.
-
Қарши шаҳри бўйича аҳоли учун 6 160 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун (ҚҚС билан) 89 600 сўм тўлов миқдори жорий этилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббусига кўра Халқ депутатлари ҳудудлар Кенгашларининг тегишли сессия қарорлари билан белгиланган мазкур мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади.
Бу борада ишчи орган этиб белгиланган Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, хусусан, иш ҳақи 1,5 бараварга, автотранспорт ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлари қиймати ҳамда коммунал хизматлар, жумладан, электр энергияси, ичимлик ва оқова суви нархлари 2 бараварга, сиқилган табиий газ нархи 4 бараварга, бензин 1,5 бараварга, дизель ёқилғиси эса 2 бараварга ошган. Бироқ ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари охирги 2-4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаган, бу эса санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг 2022 йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда республикамизнинг қолган бошқа ҳудудларида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилашга доир чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Тошкент шаҳри ҳамда Бухоро, Наманган, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланган эди.







