Тошкент вилоятида сартарош мижозга жаҳл қилиб, унинг сочини қириб ташлади
Ҳолат юзасидан ИИББ расмий муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқда сартарош мижозлардан бирига ҳурматсизлик қилиб, унга қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео тарқалди.
Видеодан маълум бўлишича, сартарош йигитга бир неча маротаба танбеҳ бериб, унинг сочини қириб ташлаган ва хоҳлаган жойига шикоят қилиши мумкинлигини айтган.
Расмий хабарга кўра, ҳолат 2022 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятида содир бўлган ва интернетга тарқалгунга қадар ёки ўтган давр мобайнида ИИОга мурожаат келиб тушмаган.
Сартарошнинг хатти-ҳаракатлари Тошкент вилояти ИИББ назоратида туман ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўрганилган ва қонуний чора кўрилиши таъминланмоқда.
"Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда қонуний чора кўрилиб, натижаси бўйича жамоатчиликка ахборот берилади", дейилади хабарда.







