Жиззахда ўқитувчи болаларни стул кўтартириб жазолади
Ҳолатга Болалар омбудсмани муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги мактабда таҳсил олаётган 1-синф ўқувчилари стул кўтариб турганликлари акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.
Аниқланишича, 22 апрель куни Зарбдор туманидаги 5-сонли мактабда 1-«А» синфга ўтилаётган инглиз тили дарсида 24 ёшли ўқитувчи ўқувчилардан уйга берилган вазифаларни сўраган. 6 нафар бола ва 7 нафар қизни дарсга тайёргарлик кўрмасдан келганликлари туфайли гўёки тарбиявий чора деб синф хонасидаги ўзлари ўтирган стулларни кўтаришга мажбур қилган. Ушбу ҳолатни ўзининг телефон аппаратида видео тасвирга олиб, телеграм ижтимоий тармоғи орқали шу мактабнинг ота-оналар гуруҳига юборган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Зарбдор тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







