"Лазер нурларини ҳаво кемасига йўналтириш ҳолатлари кўпайиб боряпти"
Uzbekistan Airports аҳолини лазер нурларининг парвозлар хавфсизлигига салбий таъсиридан огоҳлантирди.

Компания ахборот хизматининг таъкидлашича, ҳаво кемаларининг учиши ва қўниши вақтида лазер нурларини ҳаво кемасига йўналтириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу муносабати билан фуқароларнинг бундай хати-ҳаракатлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1161-моддасида жавобгарлик назарда тутилганлиги эслатилмоқда.
"Ушбу моддага асосан ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида ҳаво кемасига лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгилаб берилган", — дейилади компания муносабатида.
Ўз навбатида, йўловчилар ва ҳаво кемаси экипажи аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши ва хавф туғдириши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида барча фуқаролардан парвозлар хавфсизлигини таъминлаш талабларига риоя этишлари сўралмоқда.







