Бу йил кўмир қазиб чиқариш 8 миллион тоннага етказилади
Шундан 900 минг тоннаси тадбиркорлар томонидан олинади.

Президент Шавкат Мирзиёев кўмир қазиб чиқаришни ошириш режалари тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, бу йил кўмир қазиб чиқариш 8 миллион тоннага етказилади. Шундан 900 минг тоннаси тадбиркорлар томонидан олинади. «Шарғункўмир» АЖда йилига 500 минг тонна кўмирни бойитиш ускунаси ишга туширилади.
Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги тўртта майдонда геология ишлари олиб борилмоқда ва келгуси йилда қазиб чиқаришга йўналтирилади.
Шу билан бирга, илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда кўмир қатламларини баҳолаш ва бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда. Буларнинг натижасида 2025 йилда кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 10 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.







