Самарқандда халқаро форум бошланди
Унда 30 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар қатнашмоқда.

Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форуми ўз ишини бошлади.
Унда 30 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар – Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, 40 дан ортиқ хорижий давлатнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, маҳаллий давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аёл раҳбарлар, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳаларнинг жами 400 га яқин вакиллари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этмоқда.
Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева нутқ сўзлади.
“Бугун хотин-қизларнинг давлат бошқаруви, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий-академик ва маданий-гуманитар соҳалардаги фаол иштирокини таъминлаш ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, жаҳон миқёсида сиёсий-иқтисодий беқарорлик ҳолати давом этаётган, турли низолар, янги хатарлар хавфи юқори бўлаётган бир шароитда мазкур масала долзарблиги янада ошмоқда”.







