"Қиз болани ўқитмаслик керак, деган стереотипларга барҳам берилмоқда" — Танзила Нарбаева
Сенат раиси Самарқанддаги Осиё хотин-қизлари форумида қизлар илғор соҳаларга фаол кириб келаётганини алоҳида таъкидлади.

2024 йилнинг 13−14 май кунлари Самарқанд шаҳрида "Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув" мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумда 30 дан зиёд мамлакат ва хорижий ташкилотларнинг 400 нафарга яқин вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этмоқда. Хусусан, БМТ Бош котиби ўринбосари, "БМТ аёллар" тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг ва бошқалар қатнашмоқда.
Тадбирнинг 13 май куни очилиш маросимида нутқ сўзлаган Сенат раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистонда аёллар ҳаёти ва фаолиятига доир амалга оширилаётган ишлар, жумладан хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор ҳақида ҳам сўз юритди.
"Аёл раҳбар кадрларнинг янги авлодини шакллантиришда аввало, уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратдик. Бугунги кунда хотин-қизларга таълим, илм-фан билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилди. Аёллар учун имтиёзли кредитлар, махсус квоталар ажратилди, магистратурада ўқийдиганларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилишини давлат ўз зиммасига олди. Натижада, бугунги кунга келиб қиз болани ўқитмаслик, уйда ўтириши керак деган стереотипларга барҳам берилмоқда", — деди у.
Юқори палата раҳбарининг қайд этишича, ҳозирда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда.
"Агар олий таълимга қамровнинг 2017 йилдаги 9 фоизни ҳозирги 43 фоизи қамров билан солиштирсак, олий таълимда қизлар улуши кескин ортганини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, аёллар шу пайтгача анъанавий бўлган таълим, тиббиёт, тикувчилик йўналишларидан ташқари рақамли иқтисодиёт, информацион технологиялар каби илғор соҳаларга фаол кириб келди. Албатта келажакда бу ишлар янада фаоллаштирилади ва ўзнинг ижобий натижасини беради", — дея қўшимча қилган Нарбаева.







