Тошкентда Марказий Осиё минтақавий экспертлар Кенгашининг биринчи йиғилиши бошланди
Унда қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Бугун, 14 май куни Тошкентда қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё минтақавий экспертлар Кенгашининг биринчи йиғилиши бошланди. Бу ҳақда юридик фанлар доктори Бекзод Нариманов хабар бермоқда.
Қайд этилишича, минтақавий экспертлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022-йил 3-4 март кунлари Тошкентда ташкил этилган юқори даражадаги “БМТ глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорлиги” халқаро конференциясида илгари сурилган ва халқаро шериклар томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланаётган ташаббуси доирасида ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 5 марта ўтказилган “Меҳр операциялари” доирасида, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга жами 531 нафар ватандошимиз қайтарилиб, ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу амалий ишлар, Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида эканлигидан далолат беради.
2024-йил март ойи ҳолатига кўра, Марказий Осиё давлатлари томонидан уюштирилган гуманитар операциялар давомида 2100 дан ортиқ одам минтақага қайтарилган. Жумладан, Қозоғистон Республикаси 754 нафар, Қирғизистон Республикаси 511 нафар, Тожикистон Республикаси 334 нафар, Ўзбекистон Республикаси 531 нафар фуқаросини ватанига қайтарган.
Яна бир муҳим жиҳат: 2021 йил июль ойида Женевада бўлиб ўтган БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 47-сессиясида халқаро учрашув иштирокчилари Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган репатриация дастури фуқаролари Сурия ва Ироқдаги лагерларда қочқин мақомига эга бўлган кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистон оилавий қадриятлар ва жамиятдаги яқин ижтимоий муносабатларга асосланган юксак баҳога мос келадиган ноёб ёндашувни қабул қилди.
БМТ Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачи Фионнуала ни Аолеин хоним Ўзбекистон модели бошқа давлатлар учун ўз фуқароларини қуролли можаро зоналаридан "самарали, инсонпарвар ва инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда қайтариш бўйича йўл харитаси" эканлигини алоҳида таъкидлади ҳамда “оила бирлиги ва жамиятни қўллаб-қувватлашига асосланиб, унинг марказида бола ва аёллар манфаатлари туради”.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган мазкур инсонпарварлик миссияси Марказий Осиё давлатларининг халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини яна бир кўрсатмоқда ҳамда халқаро ҳуқуқий нормалар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларига оид қоидаларга тўла мос келади.







