“Ўзбекистон иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш бўйича улкан мақсадлар қўйган”
Давлат экологик экспертизаси маркази “HPBSolution” МЧЖ билан меморандум имзолади.

17 май куни Давлат экологик экспертизаси марказида “HPBSolution” масъулияти чекланган жамияти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда HPBS билан ҳамкорликда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти натижасида ҳосил бўладиган иссиқхона газлари миқдори ҳамда углерод изини ҳисоблаш бўйича методика ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқаро ва миллий тадқиқотларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда хорижий давлатлар тажрибаларини ҳар томонлама ўрганиш асосида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича кадрлар салоҳиятини ошириш юзасидан ўқув–семинар, тренинглар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Марказ раҳбари Ғайратжон Мухамедов иқлим соҳасидаги глобал кун тартиби янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
"Париж келишуви доирасида 2010 йилга нисбатан 2030 йилга келиб ялпи ички маҳсулот бирлигига иссиқхона газлари эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича қўшимча мажбурият олдик. Ўзбекистон 2030 йилгача иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш бўйича улкан мақсадларни қўйган. 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия улушини 35 фоизга етказиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда", - деди Ғайратжон Мухамедов.
Қолаверса, президент фармонига мувофиқ, атроф-муҳитга таъсири бўйича I – IV тоифаларга кирувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказиш жараёнида вазирлик томонидан углерод нейтраллигини таъминлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланганлиги қайд этилди.
Бунда фаолият туридан келиб чиқиб, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларида ишлаб чиқариш натижасида ҳосил бўладиган иссиқхона газлари миқдори ҳамда углерод изини камайтиришнинг аниқ кўрсаткичлари лойиҳа паспорти билан белгиланади, белгиланган кўрсаткичлар асосида углерод изини камайтириш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилиши мажбурий бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Учрашув якунида Давлат экологик экспертизаси маркази ва “HPBSolution” масъулияти чекланган жамияти ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ушбу меморандум Марказ ходимларининг малакасини ошириш, атроф-муҳитга таъсир этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти натижасида юзага келадиган иссиқхона газлари чиқиндилари ва углерод изларини ҳисоблаш методикасини ишлаб чиқиш, халқаро ва миллий тадқиқотларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда хорижий давлатлар тажрибаларини ҳар томонлама ўрганиш асосида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича кадрлар салоҳиятини ошириш юзасидан ўқув-семинар, тренинглар ташкил этиш каби масалаларни ўз ичига олган.







