Ўзбекистонлик пара енгил атлетикачилар тарихий натижа қайд этди
Улар Кобедаги мусобақада 3-ўринни эгаллади.

15 май куни Япониянинг Кобе шаҳрида старт олган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етди.
Дунёнинг 103 та мамлакатидан мингдан ортиқ пара атлет иштирок этган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 7 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза, жами 13 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида Буюк Британия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон ва Эрон каби етакчи давлатларни ортда қолдирган ҳолда 3-ўринни эгаллади.
Таъкидланишича, бу Ўзбекистон Паралимпияси тарихида биринчи бор содир бўлмоқда. Таққослаш учун, терма жамоа бундан аввалги 2 та жаҳон чемпионатида 10- ва 9-ўринларни эгаллаган эди.
Бундан ташқари, Нурхон Қурбонова ҳамда Асила Мирзаёрова ўз йўналишларида жаҳон рекордларини янгилашга муваффақ бўлди.







