2023 йилда “Ҳаж”га борган 150 минг нафардан ортиқ шахс Саудиядан чиқариб юборилган
“Ҳаж” зиёратига ноқонуний бораётганлар огоҳлантирилди.

2023 йилда дунё мамлакатларидан “Ҳаж” зиёратига ноқонуний борган 150 минг нафардан ортиқ шахс ушланиб, тегишли тартибда подшоҳлик ҳудудидан чиқариб юборилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, мамлакат фуқаролари учун “Ҳаж” тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида, фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, Саудия Арабистони томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, “Ҳаж” зиёратини адо этиш учун чет эл фуқароларидан “ҳаж” визаси талаб қилинади. Қолган барча турдаги визалар ( “умра”, “туризм”, “бизнес” ва бошқалар) билан “Ҳаж” сафарига бориш қатъиян тақиқланади.
Ўрнатилган тартибни бузган шахс зудлик билан Саудия Арабистонидан депорт қилиниб, унинг ушбу мамлакатга 10 йил муддатга кириши тақиқланади ҳамда 2,5 минг АҚШ долларидан 13,5 минг АҚШ долларигача миқдорида жаримага тортилади.







