Ўзбек тили изоҳли луғатининг izohli.uz сайти ишга тушди
Сайт Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилди.

Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида Ўзбек тили изоҳли луғатининг веб-сайти ва унинг мобил иловаси – izohli.uz ҳамда “Замонавий тилшунослик терминларининг изоҳли луғати”, “Ўзбек тилида дефектология терминлари луғати”нинг тақдимоти ўтказилди.
Ушбу электрон ресурс ҳамда изоҳли луғатлар Президентнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ижросини таъминлаш мақсадида яратилган.

Тақдимотда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Азиз Эминов, Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов, “Isystem partners” МЧЖ директори Азам Немадалиев, шунингдек, вазирликлар ва идораларнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Н.Холбўтаев бугунги кунда мамлакатимизда давлат тилида иш юритишни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг izohli.uz веб-сайти ва унинг мобил иловаси тақдимоти бошланди.


“Izohli.uz” мобил иловаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамда “Isystem partners” МЧЖ томонидан жамғарма маблағи ҳисобидан яратилган. Ушбу мобил иловада Ўзбек тилининг изоҳли луғатига киритилган 80 000 дан ортиқ сўз ва сўз бирикмалари жой олган. Мазкур илова яқин орада ишга туширилиш арафасида.
Кейинги тақдимот филология фанлари доктори, профессор Дурдона Худойберганова бошчилигида тузилган “Замонавий тилшунослик терминларининг изоҳли луғати”га бағишланди.

Луғатни яратишда таниқли ўзбек тилшуносларининг асарлари, хорижий илмий адабиётлар, турли лингвистик терминларнинг изоҳли луғатларидаги маълумотлардан фойдаланилган. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида луғат сўнгида когнитив тилшунослик, прагмалингвистика, лингвомаданиятшунослик, социолингвистика каби лингвистик соҳалар ва йўналишларнинг гуруҳлаштирилган тарздаги кўрсаткичи илова қилинган.

Навбатдаги тақдимот филология фанлари бўйича фалсафа доктори Захро Урунова бошчилигида тузилган “Ўзбек тилида дефектология терминлари луғати”га бағишланди. Ушбу луғат бугунги кунда жуда ҳам зарурий луғат экани алоҳида таъкидланиб, луғатнинг яратилишидан нашр эттирилишигача бўлган босқичи ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир иштирокчилари мобил илова ва луғатларга оид барча саволларга жавоб олишди.







