Қурилиш фирмасига "чув тушган" фуқароларнинг муаммоси ҳал этилди
Ёдингизда бўлса, Тошкентда фуқаролардан ҳали қурилмаган квартиралар учун тўловларни қабул қилиб олган фирманинг ваъда қилинган ҳудудда турар жой мажмуаси қуришга рухсати бўлмагани ва бунинг ортида аҳолида норозилик юзага келганди. Ўтган йилнинг 21 июль куни Бош вазир Абдулла Арипов Президент топшириғига кўра алданган фуқаролар билан учрашганди.

Ўшанда Арипов уй билан муаммо бўлган салкам 2 минг (1091) фуқаронинг масаласи ижобий ҳал бўлишини айтганди.
Орадан салкам бир йил вақт ўтиб, алданган фуқароларга Бектемир тумани "Ийк ота" МФЙ ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилди. Фуқароларнинг муаммоси ҳал бўлди: куни кеча кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.



Унда шаҳар ҳокими, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари ва янги хонадон соҳиблари иштирок этди. Тадбирда Тошкент шаҳар хокими Ш.Умрзоқов сўзга чиқиб, янги хонадон эгаларини қутлади. Сўнгра бир нечта уй эгаларига калитлар топширилди.

"Ватанда кичик ватанли бўлиш саодати ўзгача бахт. Бугун қувончим чексиз. Биз “Азия Инвест фаворит” қурилиш компаниясидан жабрлангач анча сарсон бўлдик, ҳаловатимиз йўқолди. Рўзғоримда тинчлик бузулди. Шукрки, бугун орзуларимиз ушалди. Бунинг учун Президентимиз ва мана шу хайрли ишларда ҳисса қўшган барчага раҳмат айтаман", — дейди Гулбениз Мустафаева.
Замонавий инфратузилмани ўзида мужассам этган массивдан жами 1 352 та хонадондан иборат 18 кўп қаватли уйлар ўрин олган. Шундан, 16 таси 10 қаватли бўлса, 2 таси 16 қаватлидир. Сўнгги 9 ойдаги бунёдкорлик намунаси бўлган мажмуа қисқа муддатда “Ўзшаҳар қурилиш Инвест” инжиниринг компанияси томонидан бунёд этилди.










