Самарқандда КамАЗ йўлдан ўтаётган она-болаларни уриб юборди
Автоҳалокат оқибатида аёлнинг 2 фарзанди ҳалок бўлди.

Самарқанд вилояти Нуробод туманида 4 июнь куни вояга етмаганлар ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақида вилоят ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса соат 16:30 да туманнинг "Меҳнаткаш" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Самарқанд-Ғузор А-378 автомобиль йўлининг 35-километрида рўй берган.
25 ёшли ҳайдовчи П.Ё. "КамАЗ-53212" юк автомашинасида ҳаракатланаётганда пиёдалар ўтиш йўлакчасидан ўтаётган Ж.Ф. (аёл) ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандини уриб юборган.
Оқибатда 2 бола тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлган. Уларнинг онаси Самарқанд тумани марказий шифохонасига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган ҳолда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш / муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳайдовчи жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланиб, Жиноят-процессуал кодекнинг 227-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







