Хоразмда инспектор калтакланди
У ҳуқуқбузарликни бартараф қилишга уринганда қаршиликка учраган.

Хоразм миллий табиат боғи инспектори Амурбек Ўринов хизмат вақтида калтакланди.
Экология вазирлиги хабарига кўра, ҳудудда 2024 йил баҳорида экилган 3000 туп гужум кўчатлари нобуд бўлиш ҳолатига келиб қолган. Бунга миллий табиат боғига туташ ҳудудда “Амударё олтин балиқ” ф/х томонидан ажратилган ер майдонидан ташқарига чиқиб, гужум кўчатлари экилган жойга шоли экиш мақсадида майдон четидаги катта ҳимоя чегаралари бузиб ташлангани ва сув очиб юборилгани сабаб бўлган.
Оқибатда гужум кўчатлари бир неча кундан буён сув остида қолиб кетган. Хоразм миллий табиат боғи маъмурияти томонидан фермер хўжалигига 1 кун муддатда сув чиқариб юборилмаса, 3000 дан зиёд кўчат нобуд бўлиши ва маъмурий жавобгарликка тортилиши юзасидан огоҳлантириш хати берилган.
Аммо фермер хўжалиги раҳбари А.Ў. огоҳлантиришга парво қилмасдан, 4 июнь куни кечқурун соат тунги 00:00 лар атрофида боғ ҳудудига сув очиш мақсадида кирган. Шу пайтда уни инспектор пайқаб қолган ва ҳуқуқбузарликни бартараф қилишга уринган. Лекин маст ҳолатда бўлган А.Ў. инспекторга қаршилик кўрсатган ва уни дўппослаб, тан жароҳати етказган.







