Қозоғистонда автомобиль ёниб кетди
Лада Ларгус русумли автомашина ичида 3 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган Лада Ларгус автомобилида ёнғин чиқди.
Воқеа 8 июнь куни соат 11:45 да Атирау вилояти, Макат тумани ҳудудидан ўтувчи Атирау-Ақтўбе республика аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 31-километрида содир бўлган.
Россия—Ўзбекистон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Ўзбекистон давлат рақамига эга бўлган Лада Ларгус русумли автомашинада содир бўлган ёнғин соат 12:50 да тўлиқ бартараф этилган.
Автомобиль ичида уч нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ёнғин оқибатида Лада Ларгус машинаси ҳайдовчиси жароҳат олмаган, қолган икки нафар йўловчи ҳар хил даражадаги куйиш жароҳати билан Атирау вилоят касалхонасига ётқизилган.
Ҳайдовчи ва жароҳат олганларнинг шахсларига аниқлик киритилган ва улар билан доимий алоқа ўрнатилган. Ушбу ҳолат Бош консулхона назоратига олинган.







