Павел Дуров Қирғизистонга келди
У “Уч чўққи” йирик туризм лойиҳаси доирасида музокараларга таклиф қилинган.

Телеграм мессенжери ва ВКонтакте ижтимоий тармоғи асосчиси Павел Дуров Қирғизистонга келди.
Павел Дуровнинг ташрифи тафсилотлари ҳали очиқлангани йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон расмийлари Дуровни Иссиқкўлга таклиф қилган, улар тадбиркорни йирик лойиҳанинг потенциал инвестори сифатида кўришган.
Таъкидланишича, ҳозирда ҳокимият “Уч чўққи” лойиҳасига сармоя киритиш учун шарт-шароит яратмоқда.
Лойиҳа Иссиқкўл вилоятидаги учта тоғ чўққисини қамраб оладиган тоғ-чанғи мажмуасини қуришни кўзда тутади: Жирғалон, Оқ-Булоқ ва Бўз-Учук. Режага кўра, бу жойларда умумий узунлиги қарийб 200 км бўлган чанғи йўлаклари барпо этилади.







