Самарқандлик эркак қайнота ва қайнонасини пичоқлаб қўйди
Бунга унинг рафиқаси билан юзага келган жанжал сабаб бўлган.

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида эркак қайнотаси ва қайнонасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йил 10 июнь куни соат 12:00 атрофида 1988 йилда туғилган М.Ж. қайнотаси Р.Ж.нинг яшаш уйига келиб, турмуш ўртоғи З.А. билан оилавий келишмовчилиги натижасида келиб чиққан жанжал давомида қайнотаси ва қайнонасини пичоқлаб қўйган.
Эркак яшаш уйи меҳмонхонасида дастлаб қайнонаси Ж.Н.га, сўнг қайнотаси Ж.Р.га ошхона пичоғи билан жароҳат етказган. Олган оғир тан жароҳатлари оқибатида Н.Ж. ва Р.Ж. воқеа жойида вафот этишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ж.М.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "а", "Ж" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.







