Термизда машина олиб қочган эркак 15 йилга қамалди
У бу жиноятни маст ҳолда содир этган.

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида транспорт воситасини олиб қочишда айбланган шахс 15 йил муддатда озодликдан маҳрум этилди.
Маълумотларга кўра, 1975 йилда туғилган шахс муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамасдан, маст ҳолатда ҳайдовчи томонидан очиқ қолдирилган машинани олиб қочган. Шундан сўнг у олиб қочилган Матиз машинасида ЙТҲга учраган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 267-моддасида (транспорт воситасини олиб қочиш) назарда тутилган жиноятни содир этган ўта хавфли рецидивист 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.







