Зоминдан 6 тоннадан ортиқ чиқинди чиқди
100 га яқин кўнгилли томонидан ҳудудда плоггинг акцияси ўтказилди.

Зомин туманида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Зомин миллий табиат боғи билан ҳамкорликда плоггинг акцияси ташкил этилди.
Плоггинг акциясини ўтказиш учун туманнинг Дуоба қишлоғига кираверишдаги тоғ йўли танлаб олинган. Ушбу тоғ орқали ўтган йўллар Зомин миллий табиат боғига олиб борадиган ягона йўл ҳисобланади, дам олиш мақсадида келаётган аҳоли асосан шу йўлдан ҳаракатланади. Аксарият кишилар автотранспорт воситаларидан турли чиқиндиларни ушбу йўлга улоқтиришади ва табиатга зарар етказишади.
Плоггинг давомида 100 га яқин кўнгиллилар томонидан тўпланган 6 тоннадан зиёд маиший чиқиндилар 2 та махсус транспорт воситаси ёрдамида чиқинди полигонига жойлаштирилди. Ҳудуддаги махсус огоҳлантирувчи белгилар қайта таъмирланди.







