Cаломатлик

Чўмилиш ҳавзаларида касаллик юқтирмаслик учун нима қилиш керак?

Мутахассис бу бўйича маълумот берди.

Чўмилиш ҳавзаларида касаллик юқтирмаслик учун нима қилиш керак?

Ёз фасли кириб келиши билан кўпчилик жазирамадан қочиш ва салқинланиш мақсадида чўмилиш учун очиқ сув ҳавзаларига талпинади. Сузишнинг организм учун фойдали жиҳатлари кўп, албатта. Аммо сув ҳавзаларида чўмилиш чоғида турли касалликларни юқтириб олиш хавфи мавжуд. Хўш, бунинг олдини олиш учун қандай қоидаларга амал қилиш лозим?

 

— Чўмилиш ҳавзаларидаги ифлосланган сувда учраши мумкин бўлган ичак таёқчаси ва энтеровируслар ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз, сальмонеллёз каби касалликларни келтириб чиқаради, — дейди мутахассис. — Бундай вирус ва бактериялар сувга инсоннинг ювилмаган қўллари, қусиқ моддалари, қуш ёки ҳайвонларнинг нажаси, ҳашоратларнинг личинкалари орқали тушади.

 

25-45 даража иссиқлик бактерия ва вирусларнинг кўпайиши ва узоқ яшаши учун оптимал ҳарорат ҳисобланади. Шу боис ёз фаслида касаллик қўзғатувчилари сувда бир неча кундан бир неча ойгача сақланиши мумкин.

 

Хасталик белгилари тахминан 12-48 соат оралиғида ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, ич кетиши, қорин дам бўлиши каби аломатлар билан намоён бўлади.

 

Очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш вақтида турли замбуруғли инфекциялар туфайли дерматит ва бошқа тери касалликларини ҳам юқтириб олиш мумкин.

 

Ифлосланган сувдаги бактерия ва вирусларнинг кўз шиллиқ қаватига тушиши эса конъюнктивит ёки кератитга олиб келади.

 

Сув ҳавзаларида чўмилиш вақтида шу каби касалликларга чалиниш хавфини камайтириш учун бир қанча қоидаларга риоя қилиш керак.

 

Аввало, чўмилиш тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмаслик лозим. Рухсат этилган жойларда чўмилганда ҳам сувнинг кўз, бурун ва оғизга тушишидан сақланиш муҳим. Агар танада очиқ яралар бўлса, чўмилишдан тийилган маъқул.

 

Чўмилишдан олдин ва кейин совун билан яхшилаб ювиниш ва кийимларни алмаштириш зарур.

 

Бундан ташқари, очиқ ҳавзаларда чўмилиш учун атмосфера ҳарорати +20...+25, сув илиқлиги эса +17...+19 даражадан кам бўлмаган шароит зарур.

 

Қуёш фаол бўлган паллада (12:00 дан 16:00 гача) офтоб тиғидан сақланиш керак. Чунки ультрабинафша нурларининг давомий таъсири катарактага ва кейинчалик кўз нури бутунлай йўқолишига сабаб бўлади.

 

Шунингдек, кучли ультрабинафша нурлари туфайли аллергик реакциялар, тери саратони юзага келиши хавфи ҳам мавжуд.

 

Таъкидлаш жоиз, сунъий сузиш ҳавзалари ҳам турли инфекцияларни юқтириб олиш хавфидан холи эмас. Шу сабабли уларнинг тозалигига, суви ўз вақтида алмаштирилганига ишонч ҳосил қилиш лозим. Агар бундай ҳовуз кафеллари сирпанчиқ бўлса, сув эскирганидан далолат беради. Бассейн суви совуқ бўлмаслиги ҳам муҳим, чунки бундай ҳарорат томир тортишишига олиб келиши мумкин.

 

Агар сизда чўмилиш пайтида ёки ундан кейин касаллик аломатлари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

custom img

Дунёда вабодан ўлим кўрсаткичлари ошмоқда

ЖССТга кўра, бу бўйича эпидемиологик вазият ёмонлашмоқда.

custom img

Маймунчечак бўйича эълон қилинган фавқулодда ҳолат бекор қилинди

Касалланиш ва ўлим ҳолатларининг камайиши туфайли ЖССТ мпох эпидемиясини фавқулодда ҳолат мақомидан чиқарди.

custom img

Ўзбекистонлик шифокорлар Жанубий Кореяда бепул ўқитилади

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш делегацияси Кореяда роботлаштирилган жарроҳлик, телемедицина ва қўшма таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик келишувларига эришди.

custom img

Ўзбекистонлик олимлар вирусли кўз касалликлари учун дори плёнка яратди

Плёнка кўзга қўйилганда аста-секин эрийди ва доривор модда томчига қараганда узоқроқ таъсир кўрсатади.

custom img

Зарарсиз кўринган газаклар аслида мияни “синдириши” мумкин

5 кунлик зарарли овқатланиш мияда доимий ўзгаришларга олиб келади.

custom img

Сурункали бел оғриғидан қутулиш йўли топилди

Юриш бел оғриғи хавфини камайтиради.

custom img

Ёз фаслида саломатликни қандай асраймиз?

Бу борада 7 та муҳим тавсия эълон қилинди.

custom img

Дориларсиз қон босимини пасайтириш усули аниқланди

Чой, шоколад, олма – юрак саломатлиги учун табиий дорилар ҳисобланади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"