Ўзбекистон аҳолиси: ўртача ёш бўйича ҳудудлар орасидаги тафовут маълум бўлди
Маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида қайта ҳисобланган.

2026 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 29,6 ёшга етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида қайта ҳисобланган маълумотларни эълон қилди. Аввалги ҳисоб-китобларда аҳолининг ўртача ёши 29,5 ёш деб кўрсатилган эди.
Маълумотларга кўра, эркакларнинг ўртача ёши 29,1 ёш, аёлларники эса 30,2 ёшни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ёш Тошкент шаҳрида қайд этилган — 33,6 ёш. Кейинги ўринларда Навоий вилояти (31 ёш), Қорақалпоғистон Республикаси (30,9 ёш) ва Бухоро вилояти (30,8 ёш) туради.
Шунингдек, Тошкент вилоятида ўртача ёш 30,1, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 30 ёш, Сирдарё вилоятида 29,6 ёшни ташкил қилган.
Андижон вилоятида бу кўрсаткич 29,3, Наманганда 28,8, Самарқандда 28,4, Жиззахда 27,9, Қашқадарёда 27,8 ва Сурхондарёда 27,4 ёшга тенг.
Таққослаш учун, 2010 йилда Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 27 ёш бўлган. Демак, 2026 йил бошига келиб бу кўрсаткич 2,6 ёшга ошган.








