Рус тилида гапирганлик учун жазо: Украина президенти офиси раҳбари жаримага тортилади
Кирилл Буданов оммавий тадбирда рус тилида гапиргани учун 3400 гривна миқдорида жаримага тортилади.

Украина президенти офиси раҳбари Кирилл Буданов 2 ноябрь куни оммавий тадбирда рус тилида гапиргани учун 3 400 гривна (68 евро) миқдорида жаримага тортилади. Бу ҳақда Украина давлат тилини ҳимоя қилиш бўйича вакили Олена Ивановска «Апостроф» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 25 ноябрь куни Будановга жарима тўғрисидаги қарор топширилиши керак. Ивановска қонунчиликка кўра, мансабдор шахс хизмат вазифасини бажариш чоғида рус тилидан биринчи марта фойдаланса, унга огоҳлантириш берилиши мумкинлигини айтди. Бироқ Будановга нисбатан бу сафар огоҳлантириш билан чекланилмаган.
«Гап давлатнинг энг юқори даражадаги мансабдор шахсининг оммавий чиқиши ҳақида кетаётганида, қонунга риоя этилиши учун жавобгарлик энг юқори даражада бўлиши керак. Шу сабабли биз дарҳол 3 400 гривна миқдорида жарима солиш ҳақида қарор чиқардик», — деди омбудсман.
Ивановсканинг таъкидлашича, Буданов ҳарбий ҳолат, фавқулодда вазият ёки эгаллаб турган лавозимини важ қилиб кўрсатмаган ва масъулиятни ўз зиммасига олган.
Воқеа 2 ноябрь куни Киев яқинидаги Петропавловская Борщаговка қишлоғида юз берган. Ижтимоий тармоқларда хусусий уйда 40 га яқин киши, жумладан, ҳарбий қисмини ўзбошимчалик билан тарк этган ҳарбийлар ва сафарбар қилинган фуқаролар ушлаб турилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, бир неча ўн киши уй олдига йиғилган.
Ўша куни кечқурун йиғилганлар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бошланган. Шундан сўнг воқеа жойига келган Буданов уй ичида 14 ёшли ўсмирни топган ва у билан рус тилида гаплашган.








