Бўстонлиққа олиб борувчи йўл вақтинча ёпилади
Йўлда велоспорт мусобақаси ўтказилиши режалаштирилган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига олиб борувчи автомобиль йўли велоспорт мусобақаси учун маълум вақтга ёпилади.
Спортнинг велоспорт-шоссе тури бўйича катталар (эркаклар ва аёллар) ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилиши режалаштирилган.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 25-26 июнь кунлари соат 08:00 дан 14:00 га қадар 4Р12 Бектемир-Чорбоғ қўрғони автомобиль йўлининг 34 ва 54 километрлари оралиғида транспорт воситалари ҳаракати чекланади.
Бўстонлиқ туманига ташриф буюрувчи фуқаролардан Чирчиқ шаҳри орқали ҳаракатланиш тавсия этилди.







