Оммавий тадбирларда озиқ-овқатни бепул тарқатиш тақиқланди
Бу бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ўзбекистонда ўтказиладиган оммавий тадбирларга фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулот ва товар-моддий бойликларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.
Бу ҳақда “Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгиланди. Мазкур қарор 2024 йил 29 июнь кунидан кучга кирди.
Қарорга кўра, Миллий гвардия ва ИИВ тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорда белгиланаётган талабга оммавий тадбир ташкилотчилари ва оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти томонидан сўзсиз риоя қилиниши устидан назоратни кучайтиради.
ИИВ ва Миллий гвардия бир ой муддатда ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мослаштиради. Қарор ижросини таъминлаш Ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондони зиммасига юклатилмоқда.
Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари бузилишига йўл қўйган ташкилотчилар ва уни ўтказган объекти маъмурияти МЖтКда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.







