Сирдарёда автобус аварияга учради
Унда 14 нафар йўловчи бўлган.

Сирдарё вилоятида юк автомобили ва автобус иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ маълумот берди.
Ҳодиса 28 июнь куни соат 12:30 ларда Сирдарё тумани Зиёкор МФЙ ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида юз берган. “Isuzu” русумли юк автомобили йўлнинг ўнг томон қисмида йўловчиларни тушириш учун тўхтаб турган 14 нафар йўловчиси бўлган “Isuzu”русумли автобусни орқа қисмидан уриб юборган.
Оқибатда “Isuzu” русумли йўловчи ташувчи автобус салонида бўлган 1 нафар йўловчи жароҳат олиб, Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Ҳозирда Сирдарё тумани ИИБ ходимлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







