“Права” олиб берувчи фирибгарлар ушланди
Ҳозирда уларга нисбатан иккита модда билан жиноий иш очилган.

Бухоро ва Наманган вилоятларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бухоро вилояти Когон туманида фуқаро Б.Т. фуқаро М.С.нинг ишончига кириб, унга гўёки ЙҲХБда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 1 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Наманган вилоятининг Поп туманида фуқаро И.С. фуқаролар з.п. ва С.М.нинг ишончига кириб, уларга танишлари ёрдамида “В.С.” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 700 АҚШ доллари ва 8,8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







