Тошкентдаги сув қувури нега ёрилганди?
Расмийлар бунга икки хил муносабат билдирмоқда.

Бугун, 3 июль куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги катта сув ўтказгич тармоғида носозлик юз бериб, кўчаларни сув босди. Бунинг ортидан айрим ҳудудларда сув таъминоти ва автомобиллар ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Ҳолатга Тошкент шаҳар ҳокимлги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Сув таъминоти" АЖ ҳамда Энергетика вазирлиги расмий муносабат билдирди. Бироқ расмий муносабатда эълон қилинган маълумотлар бир-бирини инкор қилди.
Хусусан, "Сув таъминоти" АЖ матбуот котиби Равшан Ёқубжонов юзага келган ҳолатни қозонхонада электр таъминотининг узилиши билан изоҳлади:
“Яқин ҳудудда жойлашган қозонхонада вақтинча электр таъминоти узилгани сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетган ва авария ҳолати юзага келган”.
Орадан бироз вақт ўтиб эса Энергетика вазирлиги бу хабарни рад этиб чиқди:
“Сув тошқинига қозонхона фаолиятининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. 4-сонли қозонхона 2024 йилнинг 2 июлидан 3 июлига ўтар кечаси барқарор ва штат режимида фаолият юритган”, — дейилади раддияда.
Бир-бирини инкор қилувчи бу маълумотларга иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ўз муносабатини билдириб, бундай вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклигини эслатиб ўтди.
Унинг ёзишича, бу ерда “Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ ҳукумат қарорида кўрсатилган тартиб асосида ҳаракатларни амалга ошириш керак эди.
“Шунда Тошшаҳар сув таъминот АЖ ва Энергетика вазирлиги томонидан янграган бир-бирига зид янглиш муносабатларга гувоҳ бўлмас эдик”, деган Абдулаҳатов.
Юқоридаги қарорга кўра, бу каби фавқулодда вазиятда Фавқулодда вазиятларда давлат тузилмалари (ФВДТ), унинг қуйи тизимлари ва бўғинларининг фаолиятини ташкил этиш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича уларга белгиланган вазифалар ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш тегишли ФВДТ бошқарув органларига юкланади.
Қарорнинг 3-иловаси фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишда мувофиқлаштирилган ФВДТ функциялари билан боғлиқ 12-банд қисмда: “Фавқулодда вазият тўғрисида аҳолини хабардор қилиш ва аҳолига ахборот узатишнинг махсус техник воситаларини ўрнатиш учун жойлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эфир вақти ажратилишини ташкил этиш ва назорат қилиш” функцияси юклатилган.
“Агарда қадамлар шу тартибда бўлганида, маълумотлар “бир нуқтадан” чиққанида, балки биз реал вазиятдан хабардор бўлиб, аллақачон хато эгалари устидан жавобгарликлар эълон қилингани гувоҳ бўлармидик?!”, дея ўз постига якун ясаган иқлимшунос.
Жавоҳирбек ТУРСУНОВ







